Ранг схемаси

1941-1945 йиллар урушидаги ғалабада Ўзбекистон ҳиссаси


10.05.2019

Урушнинг дастлабки кунларида меҳнаткашлар, ёшлардан кўнгилли сифатида фронтга жўнатишларини сўраб минглаб аризалар тушди. Фақат Тошкент вилоятининг ҳарбий комиссарликларига урушнинг тўрт кунида 7600 кишидан кўнгилли сифатида фронтга жўнатишларини сўраб ариза тушди. Худди шу кунларда Қорақалпоғистон ҳарбий комиссарликларига 1725 ариза тушди. Ўзбекистон ёшлари энг қийин қўшин тушишга ҳаракат қилдилар.

Ўзбекистонлик жангчилар Курск ёйидаги жангларда фаол иштирок этдилар. Бу ерда, айниқса 5-ўқчи, 162-Ўрта Осиё дивизияси ва Ватанга 70 Совет Иттифоқи Қаҳрамонини берган 69-ўқчи дивизия ўрнак кўрсатди.

9 таси ўзбек бўлган 11 туркистонлик жангчилар номи иккинчи жаҳон уруши тарихига абадий кириб қолган. Бу жангчилар мудофаа қилаётган тепаликка душман бир неча марта ҳужум қилган, пулемётдан ўқ ёғдирган, миномёт ва тўплардан ўққа тутган. Лекин жангчиларни ўз жойларини ташлаб кетишга ҳеч нарса мажбур қила олмаган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлдилар, аммо душманни ўтказмадилар ва шу билан ўз батальонларининг муваффақият қозонишига ёрдам бердилар. Ҳалок бўлган туркистонлик жангчилар хотираси учун бу тепалик “Шарқнинг 11 Қаҳрамони тепалиги” деб номланган.

 

Курск ёйидаги жанглардаги жасорати учун ўзбек жангчиси, 5-ўқчи дивизиянинг пулемёт расчёти командири Аҳмаджон Шукуровга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди. Ватан душманлари билан тўхтовсиз 10 соат давом этганжангда Тошкент танк билим юртини тугатган Вальдемар Шаландин қатнашди. Унинг раҳбарлигидаги жасур экипаж ҳимоя қилаётган тепалик яқини юзлаб душман мурдалари, ёнаётган “Пантера”, “Тигр”, “Фердинанд” танклари билан тўлиб кетди. Танкчилар ҳатто авиация бомбаси тушгандан кейин ҳосил бўлган ўт ичида бўлишларига қарамай, тепаликда моҳирлик билан ҳаракат қилдилар ва душмангабирин-кетин снаряд отдилар. Фашист босқинчилари тепаликни қўлга кирита олмадилар.

Курск-Орёл йўналишидаги жангларда “Ўзбекистон” бронепоезди шуҳрат қозонди. Унинг экипажи таркибида пулемётчи Барат Шашибоев ва артиллериячи Абдулла Разуллаев бор эди. Курск ерида жангчиларга шахсий намуна кўрсатиб жасоратга чорланган фарғоналик оддий аскар Шодиев қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

 

Белоруссиянинг партизан отрядларида ўзбек жангчиси Мамадали Топиволдиев гитлерчиларбилан мардларча жанг қилган. Унинг шахсий жанговар ҳисобида 100 дан ортиқ ўлдирилган фашист, душманнинг юк ортирилган 13 автомашинаси, портлатилган 4 немис эшелони бор. Партизанлар отрядидаги қаҳрамонилиги учун Топиволдиев Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Ўзбек партизанлари Ғафур Ҳакимов, Вали Баширов, Мухтор Галиев ва бошқалар ҳам М.Топиволдиев каби жанг қилдилар. Ватан уларни орден ва медаллар билан тақдирлади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Хотира китоби, Қомуслар Бош таҳририяти, 1995 й.

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.